Компания тақдимоти
Лицензиялар ва сертификатлар
Прайс-листимизни юклаб олинг
Босиб чиқарилиш версияси

Ижтимоий масъулият


Ҳар қандай фармацевтика компаниясининг фаолияти аввал бошидан жамият олдида юқори даражадаги масъулиятни кўзда тутади. «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК ходимларга нисбатан масъулиятли муносабат, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини профессионал ривожлантириш, ижтимоий, тиббий ва таълим муассасаларига хайрия ёрдами, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби соҳаларда қўшимча мажбуриятларни ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини намойиш этмоқда. Компаниялар Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мамлакат фармацевтика саноатининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича режаларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

«ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭКнинг корпоратив ижтимоий масъулияти қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:

  • 1. ХАВФСИЗЛИК ВА СИФАТ

    «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати хомашёга нисбатан қўйиладиган юқори талаблар, ишлаб чиқариш жараёнининг яхши ташкиллаштирилгани, препарат ҳаётий циклининг барча босқичларида белгиланган қоидаларга амал қилинишини назорат қилишнинг йўлга қўйилган механизмлари, беморлар билан мулоқот ва масъулиятли маркетинг ҳисобидан таъминланади.

    Дори воситаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва назорат қилиш жараёнида сифатни бошқариш тизими GMP стандартларига асосланган. GMP – бу дори воситалари, тиббий қурилмалар, диагностика мақсадларида қўлланадиган буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат қўшимчалари ва фаол ингредиентларни ишлаб чиқаришга қўйиладиган меъёрлар, қоидалар ва кўрсатмалар тизимидир. GMP жаҳон амалиётида ишлаб чиқариш ва сифат назоратига қўйиладиган талабларни белгиловчи стандартларнинг энг муҳими ҳисобланади.

    Корхонада жорий этилган сифат назорати тизими ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини қамраб олган. Маҳсулот билан ишлаш стандарт операцион процедуралар асосида амалга оширилади, сифатни таъминлаш тизими мунтазам равишда таҳлил қилинади, уни яхшилаш дастурлари ишлаб чиқилади.

    «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК компаниясида истеъмолчиларнинг талаблари билан ишлаш процедуралари ишлаб чиқилган ва жорий этилган. Турли шаклдаги тескари алоқа ёрдамида корпоратив сайтга, махсус ташкил этилган “қайноқ линия” телефонига, электрон почтага маҳсулотни қалбакилаштириш бўйича гумонлар борасидаги ҳамда дори воситаларининг хавфсизлиги ва ножўя таъсирларига доир масалалар билан боғлиқ сўровлар қабул қилинади ва уларга ишлов берилади. Сўровлар билан ишлаш тартиби стандарт операцион процедураларда ва “Фармакологик назорат бўйича қоидалар”да белгиланган. Компания келаётган ахборотни таҳлил қилади, уни тоифалар бўйича тизимга солади, асосий тенденцияларни аниқлайди. Ички текширувлар натижалари бўйича тузатиш киритиш ёки превентив чоралар кўрилади. Текширув натижаси ҳар доим тезкорлик билан беморга ёзма равишда маълум қилинади.

  • 2. БИЗНЕСНИ ВИЖДОНАН ЮРИТИШ

    «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК маркетинг ва хайрия фаолиятини амалга оширишда, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари, беморлар, дорихоналар ва дорихона тармоқлари билан ўзаро муносабатларда, рўйхатга олингандан кейинги клиник тадқиқотларни ўтказишда ва бош фаолият турларида ахлоқий меъёрларга амал қилинишига алоҳида эътибор қаратади.

    Компания ходимларнинг корпоратив ва жиддий хулқ меъёрларига амал қилади ҳамда бундай ёндашувни ўз пудратчилари ва етказиб берувчилари орасида ҳам тарғиб қилади. Ушбу меъёрлар соҳанинг юқори даражадаги ижтимоий аҳамиятини ва дори препаратларини илгари суришнинг ўзига хослигини ҳисобга олади. Бундан ташқари, стандарт операцион процедуралар, яъни у ёки бу вазиятларда бажарилиши керак бўлган батафсил йўриқномалар берилган ҳужжатлар ишлаб чиқилади. СОПлар давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларда талаб этиладиган ҳужжатлар айланмаси тартибини таърифлайди, давлат хизматчилари билан учрашувлар мониторингини кўзда тутади, ходимларнинг хатти-ҳаракатларини қонунчилик талабларига қатъий мувофиқ равишда расмийлаштиради.

  • 3. ХОДИМЛАРГА НИСБАТАН МАСЪУЛИЯТ

    «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК ходимлар бизнесни ҳаракатлантирувчи асосий куч деб ҳисоблайди. Қулай иш шароитларини, ходимлар профессионал ва шахс сифатида ўсиши учун қулай муҳитни яратиш, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ва замонавий ижтимоий пакет компанияга малакали ва масъулиятли мутахассисларни жалб этиш имконини бермоқда.

    Компаниядаги ўртача иш ҳақи соҳа бўйича ўртачалаштирилган кўрсаткичдан ошади, бундан ташқари ҳар йили иш ҳақининг индексацияси ўтказилади. Ходимларга ижтимоий пакет тақдим этилади, унинг таркиби ва тузилмаси иш стажи ва ходимнинг позициясига боғлиқ. Ижтимоий пакет хизмат автомобилини тақдим этишни, шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун компенсацияни ёки хизмат транспортида иш жойига олиб боришни кўзда тутади. Бундан ташқари, мобил алоқа хизмати тўланади, бепул овқатланиш тақдим этилади.

    Компания ўз ходимлари ҳақида ғамхўрлик қилар экан, корпоратив спорт ривожини рағбатлантиради, бу мақсадларда спорт заллари ва майдончаларини ижарага олади, спорт формаси ва спорт жиҳозлари билан таъминлайди.

    Шунингдек компания раҳбарияти ҳар бир ходимнинг индивидуал қобилиятларини аниқлаш ва уларни тўлиқ рўёбга чиқариш учун шароитлар яратишга интилади. Кадрларни ички танлаш ва уларни амал поғонасидан кўтариш тизими ҳамда KPI доирасида уларни ҳар йили баҳолаб бориш механизмлари ишлаб чиқилган ва жорий этилган. Бундай ёндашув ходимларнинг профессионал ва шахсий билимларини холис баҳолаш ва шунинг асосида улар учун кейинги ривожланиш ва амал поғонасидан ўсиш режаларини яратиш имконини беради. Баҳолаш жараёнида ходимнинг яширин қобилиятлари ҳам аниқланади, уларни рўёбга чиқариш шу ходимнинг меҳнатини янада унумлироқ қилишга ёрдам беради. Ходимнинг иш сифатини аниқлаш учун самарадорлик кўрсаткичлари ва мунтазам аттестациялар қўлланади. Баҳолаш воситаларининг қўлланиши компанияга ўзининг кадрлар салоҳиятини таҳлил қилиш, кадрлар захирасини шакллантириш, бошқарув бўйича вакансияларни тўлдириш, муайян бир билимларга эга ходимларни танлаш имконини беради.

    Ходимларни ўқитиш сифат менежменти тизимидаги муҳим жараён ва ходимларни рағбатлантиришнинг муҳим воситаси ҳисобланади. У ходимни баҳолаш ва унинг амал поғонасидан кўтарилиши тизими билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ходимларда аниқланган қобилиятлар ва уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ташкиллаштирилади. Ходимларга узлуксиз таълим бериш турли шаклларда олиб борилади, бу жараён иш вақтида ўтказилади ва тўлиқ компания томонидан тўланади.

    Компания томонидан ходимларнинг алоҳида гуруҳлари учун амалга ошириладиган дастурлар кадрлар захирасига, янги ходимларга, офис ходимларига, савдолар бўлими ходимларига, ишлаб чиқариш ходимларига, тиббиёт соҳаси вакиллари ва бошқаларга мўлжалланган.

    Махсус дастурлар ривожланиш салоҳияти юқори бўлган ходимлар ва раҳбар лавозимларда ишловчи ходимлар учун ишлаб чиқилади. Бунинг учун етакчи таълим марказлари ва бизнес мактабларнинг хизматидан фойдаланилади.

    Компаниянинг янги ходимлари учун лавозимга киришиш дастури зарур кўникмаларни ривожлантириш бўйича қисқача курсни ўташни кўзда тутади. Кейин у тажрибали устоз раҳбарлигида иш жойида ўргатилади.

    Устозлик тизимини жорий этиш ёш ходимларнинг профессионал ўсишига самарали таъсир қилиш, яхши мутахассисларни сақлаб қолиш ва кадрлар оқимини қисқартириш имконини беради.

  • 4. ИЖТИМОИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР

    «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК компаниясининг ижтимоий дастурлари тиббиёт ходимларининг профессионал ҳамжамиятига, соғлиқни сақлаш ва касалликлар профилактикаси соҳасида фаолият кўрсатувчи муассасалар ва ташкилотларга ҳамда бевосита аҳолига мўлжалланган.

    Профессионал тиббий ҳамжамиятни қўллаб-қувватлаш дастурлари янги дори воситалари ва даволаш технологиялари, тиббий ва илмий ишланмалар, жаҳон ва маҳаллий тиббий амалиётдаги замонавий тенденциялар ҳақидаги маълумотларни кенг тарқатиш учун шароитларни яратади.

    Мунтазам равишда маркетинг ва савдолар бўлими томонидан ўтказиладиган конференциялар, семинарлар, тренинглар, малака ошириш курслари энг янги тадқиқотлар ва ишланмалар ҳақидаги маълумотларни тарқатишнинг муҳим канали ҳисобланади.

    Бундан ташқари, компания мунтазам асосда маҳаллий ва халқаро конференцияларни, соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик форумлар доирасида ўтказиладиган симпозиумларни ташкиллаштиришда ҳомийлик кўмагини ҳам кўрсатади. Фақат 2015-2016 йилларнинг ўзида қуйидаги халқаро ва ҳудудий семинарлар ва конференцияларни ўтказишда ҳомийлик ёрдами кўрсатилди:

    1. 2015 йил 15 сентябрда Тошкент шаҳрида ўтказилган ва Республика Ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббий маркази томонидан ташкил этилган “Акушерлик ва гинекология соҳасидаги долзарб масалалар” мавзусидаги республика конференцияси.
    2. 2015 йил 2-30 октябрда Тошкент шаҳрида ўтказилган ҳамда Шошилинч тиббий ёрдам шифокорлари ассоциацияси ва Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан ташкил қилинган “Халқаро вакиллар иштирокидаги Шошилинч тиббий ёрдам шифокорлари ассоциациясининг III қурултойи”.
    3. 2015 йил 1-2 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ОИТСга қарши курашиш Республика маркази томонидан ташкил этилган “ОИВ-инфекциясининг диагностикаси, профилактикаси ва уни даволаш бўйича замонавий ёндашувлар” халқаро конференцияси.
    4. 2016 йил 27 майда Фарғона шаҳрида ўтказилган ҳамда Шошилинч тиббий ёрдам шифокорлари ассоциацияси ва Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан ташкил қилинган “Шошилинч тиббий ёрдамни ташкиллаштиришнинг долзарб муаммолари: Ўткир касалликлар ва қон томир тизими жароҳатлари – диагностика, даволаш ва профилактика масалалари” мавзусидаги 13-Республика илмий-амалий конференцияси.
  • 5. ХАЙРИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ ВА ДАСТУРЛАРИ

    «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК шериклик хайрия ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда Ўзбекистон аҳолисининг соғлиғини мустаҳкамлаш ва унинг турмуш сифатини оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. 2015 йил ноябрь ойида ташкилот “Ўзбекистон Қизил яримой ташкилоти”га моддий ёрдам кўрсатди.

  • 6.АТРОФ-МУҲИТ

    «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК нафақат хомашёни ишлаб чиқиш, танлаш ва маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида, балки инвестициялаш ҳақида қарор қабул қилинган босқичдан бошлаб етказиб бериш ишларининг бутун занжири давомида экологик жиҳатларни эътиборга олади. Экологик хавфсизликни ошириш ва ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга таъсирини мунтазам равишда пасайтириш бўйича олиб бориладиган фаолият барқарор ривожланишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

    Компания томонидан глобал миқёсда қабул қилинган меҳнат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уларнинг хавфсизлиги борасидаги сиёсат барча ходимларга тааллуқли. Компания атроф-муҳит учун зарарсиз бўлган технологиялар, хомашё ва ўраш материалларидан фойдаланади, атроф-муҳит, ходимлар ва бевосита корхона яқинида яшовчи аҳолининг саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи хавф-хатарларни аниқлайди ва уларни камайтиради.

    Бундан ташқари, «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭК “яшил офис” тамойилларига асосланади, яъни кераксиз ҳужжатларни босиб чиқаришни чеклайди, қоғозсиз ҳужжатлар айланмасини жорий этади, энергияни тежовчи офис жиҳозларидан фойдаланади, мажбурий бўлмаган иш сафарларидан қочишга интилади. Барча қоғоз чиқиндилар махсус ташкилотларга қайта ишлаш учун жўнатилади.

    Шундай қилиб, юқорида баён этилганлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, корпоратив ижтимоий масъулият соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш парентерал цефалоспоринли антибиотикларни ишлаб чиқарувчи Ўзбекистондаги энг йирик компаниялардан бири «ATM SANITA PHARMA» МЧЖ ЧЭКнинг ривожланиш стратегиясидаги муҳим таркибий қисмлардан бири ҳисобланади.